1-октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Қамаши тумани тиббиёт бирлашмаси маъмурияти соҳага умри ва меҳнатини бағишлаган фидойи устоз шифокорларни самимий қутлади.
Тантанавор тадбирда тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Шуҳрат Авазов устозларни байрам билан мубораклаб, уларнинг кўп йиллик фаолияти, шифо улашиш йўлидаги фидокорона хизматларини алоҳида таъкидлади.
“Шифокорлик — инсон ҳаётига дахлдор энг муқаддас бурч. Устозларимиз қўлида шифо, қалбида меҳр, юрагида эса инсонпарварлик мужассам. Улар минглаб инсонларга ҳаёт ва соғлиқ бахш этдилар, ёшлар учун эса ҳаётий мактаб яратдилар”, — деди бош шифокор Шуҳрат Авазов ўз нутқида.
Миннатдорлик ва эҳтиром рамзи сифатида устозларга эсдалик совғалари топширилди. Бу совғалар оддий туҳфа эмас, балки уларнинг инсониятга бағишланган умри ва тиббиёт ривожига қўшган беқиёс ҳиссасига берилган юксак эътирофдир.
Тадбир давомида устоз шифокорларнинг ҳаётий тажрибалари ёш авлодга ибрат сифатида тилга олинди. Улар ортидан етишиб келаётган ёш кадрлар эса устозлар йўлини давом эттириш, тиббиёт соҳасида садоқат билан хизмат қилишга дахлдор эканликларини таъкидлаб ўтишди.
Фидойи шифокор устозларга бўлган бу ҳурмат ва эътибор соҳа анъаналарини мустаҳкамлаб, ёш шифокорлар учун илҳом манбаи бўлиб қолиши шубҳасиз.

